14:56 | 15.01.24

                       

Ўзбекистон Тайван билан боғлиқ вазият бўйича «Ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлашини билдирди

Ўзбекистон ТИВ Тайванда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайван билан боғлиқ вазият бўйича баёнот берди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон «Ягона Хитой» тамойилини қатъий қўллаб-қувватлайди ва Тайванни Хитой ҳудудининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди.

«Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор маълум қиламиз», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси икки соҳил ўртасидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланишининг қатъий тарафдори экани ҳамда ХХР ҳукуматининг Хитойни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши билдирилган.

Шу йилнинг 13 январ куни Тайванда президентлик сайловлари куни бўлиб ўтди ва унда Тайван Демократик прогрессив партияси вакили Лай Цинде 40,2 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Лай Цинде Хитой ҳарбий агрессияси содир бўлган тақдирда оролни ҳимоя қилишга ваъда берган, бироқ Пекин билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам тайёрлигини айтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: