18:23 | 21.02.24

                       

Ўзбекистонда бир ойда қарийб 22 мингта уй-жой сотилди

Йил бошидан буён Тошкентда ўртача ижара нархи 2,2 фоизга пасайди ва 1 квадрат метр учун 9 долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг январ ойига нисбатан пойтахтда иккиламчи бозорнинг ўртача нархи деярли 20 фоизга ошди.

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарорлигича қолмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан маълум қилинди.

Қайд этилишича, январ ойида Ўзбекистонда қарийб 22 мингта уй-жой сотилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20%га кўпдир.

Тошкентда уй-жой ижара нархлари пасайишда давом этди. Йил бошидан буён пойтахтда ўртача ижара нархи 2,2 фоизга пасайди ва 1 квадрат метр учун 9 долларни ташкил этди.

Шайхонтоҳур ва Мирзо-Улуғбек туманларида ижара ҳақи сезиларли даражада пасайган, бу ҳудудларда ижара нархи 5 фоиздан кўпроққа арзонлашган.

Йил бошидан бери иккиламчи уй-жой бозори 1,6 фозига ўсди. Йиллик ҳисобда иккиламчи бозор 18 фоизга ошди.

Ўтган йилнинг январ ойига нисбатан пойтахтда иккиламчи бозорнинг ўртача нархи деярли 20 фоизга ошди.

Январ ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи деярли ўзгармади ва бир квадрат метр учун 1122 долларни ташкил этди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023 йилда кўчмас мулк савдоси 5,7 фоизга ошди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилларига кўра, йил давомида 272,4 мингта уй-жой сотилган. Бу ўтган йилги 257 мингта шартномаларнинг умумий кўрсаткичларидан ошди.

Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият

2023 йилда пойтахтнинг уй-жой ижарасидаги бозори барқарорлашди. Бир йил ичида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи 10,2 фоизга пасайди ва бир квадрат метр учун 9,2 долларни ташкил этди. Бир йил олдин бир квадрат метр учун пойтахтда ижара нархи 34,6 фоизга ошган эди. Шунингдек, пойтахтнинг барча туманларида ижара нархининг пасайгани эътиборга молик. Ўртача ҳисобда энг қиммат уй-жой ижараси Шайхонтоҳур (11,8 доллар), Яккасарой (10,8 доллар) ва Миробод (11,4 доллар) туманларида қайд этилган. Ижара нархларининг нисбатан пастлиги Учтепа (7,9 доллар), Сергели (6,9 доллар) ва Бектемир (5,7 доллар) туманларида кузатилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: