22:27 | 12.01.24
5,2 минг истеъмолчи тегишли тартибда тармоқдан узилган.
Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ичимлик сув учун тўловдан қарзи 938,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, умумий қарзнинг 57,3 миллиард сўми аҳоли, 181,4 миллиард сўми юридик шахслар ҳиссасига тўғри келган.
Келтирилишича, бугунга қадар қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами 33,4 мингта даъво аризаси киритилган. Шу билан бирга, суд қарори қабул қилинган 16,2 минг ижро варақаси Мажбурий ижро бюросига тақдим этилиб, 4,7 мингтаси бўйича 16,2 миллиард сўмлик маблағ ундирилган.
Бундан ташқари, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий корхоналари томонидан ўтган давр мобайнида 76 мингга яқин рейд тадбири ўтказилган. Рейдлар давомида ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш бўйича 12,7 мингта қоидабузарлик аниқланган бўлиб, жами 80,6 миллиард сўмлик зарар етказилган. 8,7 минг ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаган ва оқибатда 34,9 миллиард сўм зарар етказилган.
Маълумот учун, аниқланган қоидабузарликларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган, 5,2 минг истеъмолчи тегишли тартибда тармоқдан узилган.
Аввалроқ, Мирзиёев вилоят ҳокимларига ичимлик сувини арзонлаштириш вазифасини қўйгани ҳақда хабар берилганди. Унда сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини «яшил энергия»га ўтказиш ҳам айтилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: