8:25 | 03.02.24

                       

Ўзбекистонда смарт синфхоналар 2027 йил охирига қадар тўлиқ жиҳозланади

Ўқув дастури Ўзбекистон ва жаҳонда талаб юқори бўлган ва юқори маошга эга касбларга ёшларни ўргатишга мўлжалланган бўлиб, ўқув дастури битирувчилари келажакда ўзлари ҳам дарс бериш кўникмаларини қўлга киритади.

Ўзбекистонда Кореянинг илғор рақамли таълимини жорий қилиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлигида «Hancom Academy» вакиллари иштирокида Англашинув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

«Hancom Academy» жорий йилда Хоразм вилоятида жойлашган Рақамли технология ўқув марказларида 20 та синфхоналарни жиҳозлаш орқали смарт синфхоналарини (smart classroom) ташкил қилади. 2027 йил охирига қадар бутун республика бўйлаб жойлашган Рақамли технология ўқув марказларида смарт синфхоналарни жиҳозлаш режалаштирилган.

Ушбу синфхоналарда сунъий интеллект, иловаларни ишлаб чиқиш, корейс тили ва инглиз тили йўналишларида дарслар компаниянинг малакали ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган дастур бўйича ўқитилади. Шунингдек, «Hancom Academy» томонидан ишлаб чиқилган алоҳида ўқув дастури бўйича маҳаллий IT менторларининг малакаси ҳам оширилади.

Ўқув дастури Ўзбекистон ва жаҳонда талаб юқори бўлган ва юқори маошга эга касбларга ёшларни ўргатишга мўлжалланган бўлиб, ўқув дастури битирувчилари келажакда ўзлари ҳам дарс бериш кўникмаларини қўлга киритади.

Эслатиб ўтамиз, Президент қарори билан халқаро IT сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини ва инглиз тилида B2 даражасига эга бўлган ёшларнинг халқаро IT сертификатларни олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: