7:59 | 09.02.24

                       

Ўзбекистонлик қалбаки дориалар сотувга чиқарилганидан огоҳлантирилди

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилгани аниқланганди. Ушбу хабар юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи барча ташкилотларни огоҳликка чақирган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин Б6» номли қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилганлиги аниқланганди.

Ушбу хабар юзасидан ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, қуйидагиларни маълум қилди.

Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари этиб белгиланган.

«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти» тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

«Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом»га мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келишини эслатиб ўтамиз.

Юқоридагиларга асосан, мазкур лицензия талаблари ва шартларини бузган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар) барча ташкилотларни фаолият учун берилган лицензияси бекор қилиниб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирамиз!» — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: