10:42 | 14.12.23

                       

Қозоғистонда 20 нафар ўзбекистонлик қаттиқ совуқда трассада қолиб кетди

Улар ёнилғи захираси ва ўзлари билан олиб келган пуллари тугаб қолгани сабабли полицияга мурожаат қилган.

Қарағанда вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаттиқ совуқда трассада қолган 20 нафар Ўзбекистон фуқаросини қутқариб қолди. Совуқдан қутқарилган шахслар турар жой ва иссиқ овқат билан таъминланди. Уларнинг автобуси Қарағанда-Астана йўлида қолиб кетган, деб хабар бермоқда Kazinform.

Қарағанда вилояти полиция департаменти эълон қилган видеодан кадр

12 декабр куни кечқурун Қарағанда вилоятининг Темиртау ташқарисида пуллик терминалда полициячилар йўловчилар билан тўхтаб қолган автобусни пайқаб қолган. Жанубий ҳудуддан Астана шаҳрига кетаётган 20 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган йўналиш автобуси йўл тўсиб қўйилгани сабабли тўхташга мажбур бўлган. Улар якшанба куни йўлга чиққан. Балқашда қаттиқ аёз туфайли бир кун тўхташга мажбур бўлган ва бутун вақтни автобусда ўтказган. Сешанба куни ҳаракатни давом эттирган, лекин қаттиқ совуқ туфайли яна Темиртаудан ташқарида тўхтаган.

Улар энг яқин аҳоли пунктига етиб боришда ёрдам сўраб, ёнилғи захираси ва ўзлари билан олиб келган пуллари тугаб қолганлиги сабабли полицияга мурожаат қилган.

Қарағанда вилояти полиция департаменти эълон қилган видеодан кадр

Шунингдек, дори-дармони тугаб қолган қандли диабетга чалинган аёлга ҳам ёрдам кўрсатиш зарурати туғилган. Ўзбекистонлик йўловчилар бўлган автобус хизмат машиналари ҳамроҳлигида Осакаровка қишлоғига етиб бориб, маданият марказига жойлаштирилган ва у ерда ухлаш жойлари ҳамда иссиқ овқат билан таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ичида 53 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус бузилиб қолгани ва йўловчиларга Қарағандадаги ўзбекистонлик тадбиркор ёрдам кўрсатгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: