19:41 | 01.02.24

                       

Panorama Airways компанияси ёпилиши ҳақидаги маълумот рад этилди

Авиакомпания вакилининг маълум қилишича, Мадина ва Жидда шаҳарларига рейслар давом эттирилмоқда.

Telegram каналларда 2021 йилда ташкил этилган Panorama Airways компанияси ёпилиши ҳақида маълумот тарқалди.

Хабарларда айтилишича, Panorama Airways SmartLynx (Латвия чартер авиакомпанияси) билан шартномасини бекор қилган ва шу сабабли 2023 йилнинг 18-22 декабрь ва 2024 йилнинг 18-19 январь кунларида бўлиб ўтган танловда муваффақиятли ўтган номзодларнинг иши тўхтатилишини эълон қилган.

Uzbekistan Airportsʼнинг Bugun.uzʼга маълум қилишича, авиакомпания мунтазам авиақатновларни амалга оширишда давом этмоқда. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг онлайн дисплейида Panorama Airways 2024 йил 2 февраль куни Тошкентдан Мадинага парвоз амалга ошириши режалаштирилган.

Авиакомпания веб-сайтида кўрсатилган рақам ўчирилган. Bugun.uz нашри Panorama Airways авиакомпанияси вакили билан боғланиб, бу хабар сохта эканини ва авиакомпания Мадина ҳамда Жидда шаҳарларига мунтазам рейсларни амалга оширишда давом этаётганини аниқлади. SmartLynx билан тузилган шартнома бекор қилинмагани ҳам маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 23 декабрь куни Panorama Airways компаниясининг Тошкент–Мадина йўналиши бўйича парвозлари 12 соатдан кўпроққа кечиктирилганди. Авиакомпания йўловчиларни ичимликлар ва иссиқ овқат билан таъминлаб, меҳмонхонада жойлаштиришни таклиф қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: