12:16 | 18.12.23

                       

Пойтахтда йил бошидан бери автобуслар билан 94 та ЙТҲ содир бўлган

Ҳайдовчи ва чиптачиларга хушмуомала бўлиши, ҳаракат давомида телефондан фойдаланмаслиги бўйича алоҳида кўрсатмалар берилмоқда.

Тошкент шаҳрида 2023 йилнинг ўтган 11 ойи давомида автобуслар билан 94 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган. Улардан автобус ҳайдовчиларининг айби билан содир этилган 34 та йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил этилди. Бу бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда маълумот берилди.

Билдирилишича, йиғилишда автобус ҳайдовчиларининг айби сабабли юзага келган йўл-транспорт ҳаракатлари ҳамда қоидалари бузилиши оқибатида ҳайдовчиларга келган жарима қарорлари (видеолари) акс этган лавҳалар намойиш этилган.

Бундан ташқари фуқаролар ва йўловчилардан келиб тушаётган танқидий мурожаатлар ўрганилиб, ҳайдовчи ва чиптачиларнинг йўналишда йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлари, йўловчи ташиш қоидаларига қатъий амал қилишлари, ҳаракат давомида уяли алоқа телефонидан фойдаланмасликлари юзасидан алоҳида кўрсатмалар берилган.

11 нафар автобус ҳайдовчиси йўловчи ташишда намунали хизмат кўрсатиб, 5 та юлдузча билан баҳолангани учун фахрий ёрлиқ ҳамда пул мукофоти билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда йўловчи автобусдан йиқилиб тушиши оқибатида ўнг қўли синиб, юз ва пешонаси жароҳатланганди. Бундан ташқари, Тошкентда иш вақтида телефонда гаплашган 7 нафар автобус ҳайдовчиси ишдан олингани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: