15:14 | 22.12.23
Миллий сертификатга эга «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади.
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши адолатдан бўлишини таъкидлади. Давлат раҳбари бу ҳақда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида гапирди.
Қайд этилишича, ушбу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади.
Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳларга ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланди.
Келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ҳар йили энг яхши бадиий асарлар яратиш, таржима қилиш учун ижодий буюртмалар берилиб, муаллиф ва таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўланади.
Алломаларимизнинг ёшлиги ҳақида китоблар ёзиш, ёзганда ҳам болаларбоп қилиб ёзиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бу ишларни рағбатлантириш, янги босқичга кўтариш учун келгуси йили мамлакатимизда Халқаро болалар адабиёти кўргазмаси ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев дунёдаги қудратли марказлар очиқчасига босим ўтказаётгани бўйича тўхталганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: