12:27 | 22.12.23

                       

Шавкат Мирзиёев дунёдаги қудратли марказлар очиқчасига босим ўтказаётгани бўйича гапирди

Давлат раҳбари зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистонни ҳам чеклаб ўтмаганига тўхталди.

Шавкат Мирзиёев Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказмоқда. Йиғилишда Президент «дунёдаги қудратли марказлар очиқчасига босим ўтказишни» бошлаганига урғу бериб ўтди.

Президентнинг билдиришича, айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда.

«Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти», дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шундай мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаётганини билдирди. Шунингдек, дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилинишини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиялик сиёсатчи Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишни таклиф қилганди. Унинг гаплари фонида Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О. Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Прилепиннинг таҳдиди фонида мамлакатнинг етарли Қуролли кучларга эгалигини эслатганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: