21:04 | 21.12.23

                       

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Прилепиннинг таҳдиди фонида мамлакатнинг етарли Қуролли кучларга эгалигини эслатди

Шунингдек, вазирлик матбуот котиби Мудофаа доктринасини ҳам келтириб ўтди.

«Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия – за правду» партияси раиси, сиёсатчи ва ва ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш кераклигини айтиб, мисол тариқасида Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишни таклиф қилган эди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот котиби сиёсатчининг бу гапларига жавобан Конституциянинг 153-моддасини эслатди.

«Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга» —Конституциянинг 153-моддаси.

Бундан ташқари, вазирлик расмийси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январда 458-сонли Қонуни билан тасдиқланган Мудофаа доктринасини ҳам келтириб ўтган.

«Доктрина тўртта — умумий қоидалар, доктринанинг ҳарбий-сиёсий жиҳатлари, доктринанинг ҳарбий-стратегик жиҳатлари ҳамда доктринанинг ҳарбий-иқтисодий жиҳатлари бобларидан иборат», — дейилган хабарда.

Аввалроқ, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш таҳдидига «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов жавоб қайтарганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: