10:47 | 18.01.24

                       

Қаршида олти ёшли бола онаси ва ўгай отаси томонидан қийноққа солингани айтилди

Боланинг жароҳати енгил бўлгани учун жиноят иши қўзғатилиши рад қилинган, унинг ота-оналардан қай бири билан яшаши масаласи юқори суд инстанцияси босқичида кўрилмоқда.

Болалар Омбудсмани матбуот хизмати Қаршида олти ёшли боланинг қийноққа солинганига оид хабарлар юзасидан ота-она ўртасидаги низо доирасида отанинг фарзандига онаси томонидан зўравонлик ва турли жароҳат етказганлиги тўғрисидаги аризаси асосида терговга қадар текширув ўтказилганини маълум қилган.

Терговга қадар текширувда А.Қ.га нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган ва 2023 йил 6 ноябрда берилган экспертиза хулосасида боланинг танасида «ўнг болдирни ўрта олдинги юзасида қонталаш» кўринишидаги тан жароҳати борлиги аниқланиб, мазкур тан жароҳати соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати эканлиги эътироф этилган ва бунга кўра жиноят иши қўзғатилиши рад қилинган.

Бундан сўнг ҳам қўшимча терговга қадар текширув ўтказилган бўлиб, унинг натижасида 2023 йил 29 декабрь куни жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган. Шунингдек, 2023 йил 30 ноябрда Қарши шаҳар туманлараро фуқаролик суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра, бола ўз онаси билан яшаши белгиланган. Ота У.А. суднинг мазкур мазмундаги қарори устидан норози бўлиб, юқори инстанцияга апелляция шикояти бергани ва боланинг ўзи билан яшашини белгилашни талаб қилаётгани хабар қилинган.

Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларига оид масалалар юзасидан мурожаатчилар билан навбатдаги шахсий қабулини ўтказгани хабар қилинди. 2018 йилда туғилган А.Қ.нинг онаси Л.Ж. Болалар омбудсмани билан учрашиб ҳозирда давом этаётган низо юзасидан ўз важларини баён этган.

Шунингдек, шу куннинг ўзида боланинг отаси У.А. ҳам Болалар омбудсмани қабулига келиб, фарзандининг айни пайтдаги ҳолати, иш жараёнлари бориши ва бу борада ўз важларини маълум қилган.

Маълум қилинишича, бугунги кунда бола ота-оналардан қай бири билан яшаши масаласи бўйича низо юқори суд инстанцияси босқичида кўриш жараёнидадир. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат бўйича боланинг энг устун манфаатлари нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода аёл 5 ёшли боласини муттасил равишда қийнаб келгани аниқланиб, унга нисбатан вояга етмаган, ожиз аҳволдалиги аён бўлган шахсни қийнаш моддаси билан жиноий иш қўзғатилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: