23:38 | 22.11.22

                       

Қирғизистонда тадбиркорлик субъектларини текшириш бир йилга тақиқланди

Ушбу тартибнинг бузилиши мансабдорларга нисбатан интизомий чора кўрилишига сабаб бўлади

Қирғизистонда мамлакат президенти Садир Жапаровнинг фармонига биноан 2023 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар тадбиркорлик текширувларига мораторий эълон қилинди. Бу ҳақда Knews.kg хабар берди.

Маълум қилинишича, фармоннинг мақсади хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувнинг олдини олиш, уларни текширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолияти масъулиятини ошириш ва очиқлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Фармонга мувофиқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасига 2023 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабргача бўлган даврда кичик, ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли органлар томонидан ўтказиладиган тижорат банкларини текширишга вақтинча тақиқ (мораторий) жорий этиш топширилган.

Белгиланишича, текширишларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари, тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқига эга ваколатли органлар томонидан асоссиз тайинлаш, шунингдек, хизмат ваколатларидан фойдаланган ҳолда, ўз манфаати ёки бошқа шахсий манфаатларидан фойдаланган ҳолда, текширилаётган субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига олиб келган текширишлар мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортишга олиб келади.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқига эга бўлган бизнес уюшмалари, ваколатли органлар, маҳаллий давлат маъмуриятлари раҳбарлари, Бишкек ва Ўш шаҳарлари ҳокимлари билан биргаликда бизнес ҳамжамиятлари учун Қирғизистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш масалалари бўйича мораторий жорий этиш ва тадбиркорлик субъектларига маслаҳат ёрдами кўрсатиш бўйича кенг ахборот кампаниясини ўтказиши зарурлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда инвесторлар учун «олтин паспорт» жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда пенсиялар рекорд даражада ошганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: