17:28 | 06.07.21

                       

Қодиров Чеченистон раҳбари сайловига яна ўз номзодини қўйди

У республикани 2007 йилдан буён бошқариб келади

Чеченистоннинг амалдаги раҳбари Рамзан Қодиров республика раҳбари сайловларида қатнашиш учун ўз номзодини расман илгари сурди. Бу ҳақда сайлов комиссиясига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, «Ягона Россия» партиясининг Чеченистондаги минтақавий бўлими 26 июнь куни Қодировни бўлажак сайловларда минтақа раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатган.

Сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, Чеченистон раҳбари лавозимига номзодларни кўрсатиш муддати 8 июлда якунланади, номзодлар эса 4 август куни соат 18:00 дан кечиктирмай сайлов комиссиясига рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни топширишлари талаб этилади.

Маълумот ўрнида, Қодиров республикани 2007 йилдан буён бошқариб келади. Чеченистон раҳбари учун сўнгги сайловлар 2016 йил 18 сентябрда бўлиб ўтган ва Қодиров унда 97,56 фоиз овозга эга бўлган.

Аввалроқ Рамзан Қодиров раҳбарликка номзодини қўйишга рози бўлгани хабар берилган. Шунингдек, Қодиров Путиннинг барча топшириқларини бажаришга тайёрлигини айтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: