20:40 | 10.02.22

                       

Қозоғистондаги тартибсизлик, иқтисод ва икки томонлама муносабатлар: Путин ва Тўқаев 3,5 соатлик музокара ўтказди

Жараён якунида давлат раҳбарлари томонидан 11 та ҳужжат имзоланди

Москвада амалий ташриф билан бўлиб турган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўкаев Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, 3,5 соатлик музокара ўтказди. Бу ҳақда «Zakon.kz» хабар берди.

Фото: «kremlin.ru»

Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ва минтақавий даражадаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилган. Қозоғистон президенти Россия раҳбарига Москвага таклифи ва анъанавий меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирган.

Қайд этилишича, жараён давомида Россия президенти фожиали январь воқеалари ҳақида ҳам ўз фикрини билдирган. «Қозоғистон, ҳеч қандай муболағасиз, мамлакат ичидаги оғир вазиятдан фойдаланган айрим халқаро тўдаларнинг қурбонига айланди. Россия, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлатларидан бири сифатида шартноманинг 4-моддасига мувофиқ, Қозоғистонга елка тутди.

Лекин асосий ролни, албатта, Қозоғистон раҳбариятининг ўзи, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ўз мақсадига, қасамёдига ва Қозоғистон халқига садоқатли Қуролли кучлари ўйнади. Биламан, бу воқеалар пайтида вайрон бўлган ҳамма нарсани тиклаш учун энди кўп ҳаракатлар қилиш керак бўлади. Аммо Қозоғистон сизнинг саъй-ҳаракатларингиз туфайли ишончли ва мустаҳкам оёққа турди ва сизнинг раҳбарлигингизда фаол ривожланмоқда», — деган Путин.

Таъкидланишича, икки давлат раҳбарлари ҳар томонлама алоқалар муваффақиятли ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этиб, сиёсий, иқтисодий, савдо-инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга икки томон интилишларини тасдиқлаган. Россия раҳбари, шунингдек, икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида эканини маълум қилган.

Учрашувда Қозоғистон ва Россия раҳбарлари таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган. Юқори малакали муҳандис-техник кадрларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда Қозоғистонда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиаллари тармоғини кенгайтириш ва «Болашак» дастури доирасида Россияда мутахассислар тайёрлаш бўйича келишувга эришилган.

Музокаралар якунлари бўйича таълим, темир йўл транспорти, рақамлаштириш, коинотни ўрганиш ва атом энергетикаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича 11 та ҳужжат имзоланган.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Россия раҳбари Владимир Путин билан 7 соатча давом этган музокараларда иштирок этганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: