22:10 | 22.05.24

                       

Раисий ўлимидан олдин нима дегани маълум бўлди

Марҳум президент Иброҳим Раисий ўлимидан олдин айтган гаплари маълум бўлди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 21 май куни Эрон президенти вафоти муносабати билан Озарбайжондаги Эрон элчихонасига ташриф буюриб, президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳ бўлган бошқа шахсларнинг фожиали ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Маросим давомида Озарбайжон президенти Раисийнинг давлат арбоби, таниқли сиёсатчи ва Эрон халқининг ишончини қозонган таниқли шахс бўлганлигини таъкидлади ҳамда марҳум Эрон президенти билан бўлган учрашувда нималар ҳақида гаплашишганига тўхталди.

«Ҳалокатдан олдин биз икки соатдан кўпроқ вақт бирга бўлдик. Бир соатдан ортиқ давом этган икки томонлама учрашувда кўплаб муҳим масалалар муҳокама қилинди. Эрон-Озарбайжон муносабатларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари яна бир бор тасдиқланди ва ҳар икки томон кучли сиёсий иродасини намоён қилди. Шу билан бирга, биз аниқ инфратузилма лойиҳалари бўйича кенг фикр алмашдик ва муҳим қарорлар қабул қилдик», — дейди президент Илҳом Алиев Иборҳим Раисийни эслаб.

Унга кўра, Эрон раҳбари Озарбайжонда бўлиб ўтган расмий учрашувни «тарихий учрашув» деб атаган. «Эрон ва Озарбайжон давлатлари алоқаларни янада ривожлантиришда фаол бўлишлари керак», деган Эрон раҳбари Иброҳим Раисий Илҳом Алиев билан бўлган суҳбатда.

Шунингдек, Озарбайжон раҳбари Эрон ҳукуматининг янги раҳбарияти ҳам Озарбайжон билан дўстона алоқаларни давом эттиришига ишончи комил эканлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий Озарбайжонга хизмат сафарини якунлаб, ортга қайтаётганда у ўтирган вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: