11:08 | 18.08.23

                       

Республикамизда ёшларни иқтидорига муносиб касбга йўналтириш устувор вазифа ҳисобланади — Абдукамол Мамадалиев

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўқувчиларни касбга йўналтириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдукамол Мамадалиев билан суҳбат.

Ёшларни касбга тайёрлаш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласи. Бунинг учун мустақил ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир шахс камида бир ёки иккита ҳунар эгаси бўлиши керак. Албатта, бунда мактаб ва коллежларнинг ўрни катта. Хўш, бугунги кунда мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш, уларни ҳунарли ва ишли қилиш масалалари қандай йўлга қўйилган? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўқувчиларни касбга йўналтириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдукамол Мамадалиев шу хусусидаги саволларга жавоб бериб, баъзи рақамларни очиқлади.

Ўзбекистонда мактаб битирувчилари касбга йўналтириладими?

Албатта, биз учун ҳар бир ёшнинг келажаги муҳим. Уларнинг ҳаётда ўрнини топиши, муносиб иш фаолияти билан шуғулланиши учун барча ҳаракатларни қилаяпмиз. Масалан, республика бўйича тажриба-синов тариқасида 2023 йил 1 февралдан бошлаб, 42 та туман (шаҳар)да жами 126 та мактабда 64 та ишчи касблар, 21 та тадбиркорлик йўналишлари ҳамда 10 та IТ ва “креатив индустрия” йўналишлари бўйича 9,8 минг нафар ўқувчилар касбга ўргатилди.

Ҳудудларда мактаб битирувчилари учун “Таълим ва касб-2023” халқаро кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмага 50 дан ортиқ хорижий олий таълим муасссаса вакиллари, 80 мингга яқин мактаб битирувчилари жалб этилди.

Соҳада халқаро ва маҳаллий ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) билан “Ўзбекистон профессионал таълим тизимида ислоҳотлар ва замонавийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб 2 маротаба Республика семинари ўтказилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда IТ соҳаси бўйича кадрлар тайёрловчи юртимиздаги етакчи олий таълим муассасалари иштирокида “Мактаб битирувчилари учун IТ университетлар ва имкониятлар” мавзусида онлайн мулоқот ташкил этилди.

Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва агротехнология йўналишидаги корхона ва ташкилотларга 34 мингга яқин экскурсиялар ташкил этилиб 616 минг нафардан ортиқ ўқувчилар қамраб олинди.

Битирувчи ўқувчиларининг касбга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида “Касб ва ёшлар” очиқ мулоқот ойлиги ўтказилиб 562 989 нафар умумтаълим мактаб ўқувчиларининг 716 та профессионал таълим муассасаларига ташрифи ташкил этилди.

Мактаб битирувчиларига қандай касблар ўргатилмоқда?

Бу йил умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини 576 минг, 11-синфни 391 минг нафар ўқувчи тамомлади. Битирувчиларни касблар ва касб ўқитиш муассасалари билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йил апрел-май ойларида “Касб ва ёшлар” ойлиги ташкил этилди.

Барча умумтаълим мактабларидан 740 минг нафардан ортиқ битирувчилар 646 та профессионал таълим муассасаларига ташриф буюриб, 100 дан ортиқ касб турлари билан танишди.

Бу йил 100 мингга яқин 9-синф битирувчилари касб-ҳунар мактабларига бориши режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда илғор хорижий тажрибалар асосида 1-4-синф дарсликлари янгидан тайёрланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: