13:31 | 20.01.24

                       

Робахон Маҳмудова «Адолат» партиясига раис этиб сайланди

Партия раиси лавозимидан озод этилиб, Олий суд раисининг собиқ биринчи ўринбосари раҳбарликка қўйилди.

Бугун, 20 январ куни Тошкент шаҳрида «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг ХII пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Адолат» социал-демократик партияси

Пленумда ташкилий масала кўрилиб, партиянинг сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўз аризасига мувофиқ, сиёсий кенгаш аъзоларининг очиқ овоз бериш йўли билан партия раиси лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Робахон Маҳмудова раис этиб сайланди.

Маълумот учун, Робахон Анваровна Маҳмудова Фарғона вилоятида туғилган. 1983 йилда Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тамомлаган. У 2020 йилнинг июл ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келаётганди. Робахон Маҳмудова 2023 йилнинг июн ойида ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Робахон Маҳмудова Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилгани ҳақда хабар берилганди.