12:23 | 24.01.24

                       

Россияда ўрдаксимон усулда юришга мажбурланган мигрантлар орасида ўзбекистонликлар йўқлиги маълум қилинди

Улар «нолегал» рейд тадбирида ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари томонидан қочаётган вақтида қўлга олинган.

Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари томонидан қурилиш майдонларининг бирида рейд ўтказилгани ва унда бир гуруҳ фуқаронинг ўрдаксимон усулда юришга мажбурлагани тасвирланган хабарлар тарқалди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги рейд бўйича тафсилотларни билдириб. ўтириб юрганлар орасида ўзбекистонлик фуқаролар йўқлигини маълум қилган.

Маълум қилинишича, шу йилнинг 17 январ куни Екатеринбург шаҳрида жойлашган қурилиш майдонларининг бирида ИИВ, ФХХ, Росгвардия ва прокуратура ходимлари томонидан «нолегал» рейд тадбири ўтказилган.

Ушбу қурилиш ишларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари вақтинча ишлаб келган. Рейд давомида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган ва патентсиз меҳнат фаолиятини амалга оширгани сабабли суднинг қарори асосида Екатеринбург шаҳри Горнистов 15/4-уйда жойлашган Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган.

Ушбу ўзбекистонликларнинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари қурилиш биносига кирган вақтда кўплаб меҳнат мигрантлари қочишга ҳаракат қилган ва бинонинг орқа томонидан қочаётган вақтида қўлга олинган. Фуқароларнинг ҳаракатларига жавобан ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари уларни ўтириб юришга мажбур қилган.

«Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган ва юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа шаклдаги ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларнинг полиция томонидан чўккалаб юришга мажбурлангани бўйича Омбудсман Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмак сўрагани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: