10:08 | 18.12.23

                       

Россияда такси ҳайдовчилари тақчиллиги мигрантлар ёрдамида ҳал қилиниши мумкин

Айрим давлатларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларига Россияда ҳам такси хизматида ишлашга рухсат берилади.

Россиядаги Таксини ривожлантириш бўйича жамоат кенгаши ҳайдовчилар етишмаслиги масаласини ҳал қилиш мақсадида барча мигрантларга вақтинча таксида ишлашга рухсат бериш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда 15 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Биз мигрантларни қатъий назорат остида такси рулига вақтинча ўтиришига рухсат беришни таклиф қиламиз. Бунинг учун бизда барча техник имкониятлар бор», дейди кенгаш раиси Ирина Зарипова.

Қайд этилишича, ушбу таклиф Федерация Кенгашининг Иқтисодий сиёсат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Синицинга юборилган. Эндиликда рус тили давлат тили бўлган давлатлар – Қирғизистон ва Беларуснинг гувоҳномага эга бўлган фуқаролари таксида ишлаши мумкин. Тожикистон фуқаролари эса Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари керак бўлади.

Ирина Зарипова таъкидлашича, ҳайдовчилар етишмаслиги муаммоси 2023 йил бошидан ишсизлар сонининг камайиши, шунингдек, кўплаб ҳайдовчиларнинг сафарбар этилиши фонида юзага келган.

Жамоатчилик кенгаши прогнозига кўра, мигрантларни жалб қилиш саноатда ҳайдовчилар етишмаслигини камайтириши мумкин. Бу орқали 500 мингдан 2,5 миллион кишигача ҳайдовчилар билан соҳани таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядаги марказий осиёлик мигрантларга пул ўтказмалари учун 30 фоизлик комиссия жорий этиш таклиф қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: