15:17 | 20.07.21

                       

Россиялик ҳарбийлар Тожикистондаги ҳарбий базада жанговар машғулот ўтказди — видео

Машқлар Афғонистондаги вазият фонида бўлиб ўтди

Россиялик танкчилар Тожикистонда 201-ҳарбий база билан биргаликда қўшма тактик машқлар ўтказди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Звезда»

Маълум қилинишича, Ляур полигонидан Афғонистон билан чегарадош Харб-Майдон полигонига қадар 200 километрлик юриш (ҳарбий марш) пайтида Т-72 танклари жанговар муҳофаза, разведка гуруҳлари ҳамда душманнинг ҳаво ҳужумларини қайтариш билан боғлиқ режаларни ишлаб чиққан. 

«Ҳозирда қўшинлар ҳудудда ҳарбий хизматчилар қўмондонлик пунктларини жойлаштириб, ўқ отиш позицияларининг муҳандислик жиҳозлари ва камуфляж ускуналари билан шуғулланмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Харб-Майдон полигонидаги машғулотлар 5–10 август кунлари бўлиб ўтади, унда Россия ва Тожикистон ҳарбий хизматчиларидан ташқари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳам иштирок этади. Чегаралардаги ҳарбий машқлар эса Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашиши фонида бошлаган.

Аввалроқ Россия Афғонистондаги кескинлашув фонида Тожикистонда ҳарбий машқлар ўтказгани хабар берилган. Шунингдек, Россия авиацияси Украина ва АҚШга жавобан Қора денгизда ўқув-жанговар парвозларни амалга оширгани ва АҚШ Атлантика океанида янги кемани синаш учун 18 тоннали бомба портлатгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: