9:50 | 13.01.24

                       

Россиянинг Пенза вилоятидаги аварияда ҳалок бўлганлар Ўзбекистонга олиб келинди

Жароҳатланган фуқароларнинг яна бир нафари Пенза шаҳридаги шифохонада шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан вафот этган.

Президент Мирзиёевнинг топшириғига асосан ташкил этилган ФВВнинг ишчи гуруҳи кеча, 12 январ куни Россиянинг Пенза вилоятига бориб, мамлакатнинг масъул раҳбарлари билан учрашди ва ҳамкорлик асосида ташкилий, амалий ҳаракатлар олиб борилди. Шундан сўнг, махсус борт Россиядан учиб, бугун, 13 январ куни соат 06:50 ларда Урганч халқаро аэропортига келиб қўнди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Жароҳатланган фуқароларнинг 1 нафари 12 январ куни тонгги вақтда Пенза шаҳридаги шифохонада шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан вафот этган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

ФВВ, ИИВ, ССВ, ТИВ ҳамда Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида саккиз нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришди», — дейилган хабарда.

Бундан ташқари, жароҳатланган яна бир нафар фуқаро Пенза шаҳридаги касалхонада даволаниш ишлари якунига етгандан сўнг, Ўзбекистонга қайтарилади. Ҳозирги вақтда у шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Аввалроқ, Россияда содир бўлган ЙТҲда етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақда хабар берилганди. Мирзиёев эса вафот этган ва жабрланган фуқароларни Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида олиб келишга топшириқ берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: