18:10 | 10.01.24

                       

ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати кенгайди

Президент қарори билан баъзи ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Президентнинг 2024 йил 10 январдаги ПҚ-13-сонли қарори билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати кенгайиб, уларга ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар ҳам қўшилди.

Қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ойига БҲМнинг 10 бараваригача бўлган харидлар суммаси доирасида амалга оширилиши белгиланди.

Шу билан бирга, «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорига киритилган ўзгартиришга кўра, жисмоний шахслар томонидан бир ой давомида сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг БҲМнинг 60 бараваридан ошмаган қисмидан 1 фоизи уларнинг фискал белгили чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган тақдирда қайтарилиши белгилаб қўйилди.

Маълумот учун, шу пайтгача маълум бир қиймат белгиланмаган эди.

Аввалроқ, ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш бўйича солиқ органларининг ваколатлари чекланаётгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: