0:20 | 22.12.23

                       

Самарқанддаги балиқхонада 199,4 млн сўмлик ток ноқонуний ишлатиб юборилди

Тошкент ва Андижон вилоятларида эса масъуллар сув насосларини ҳеч қандай ҳужжатсиз электр тармоғига улаганлиги аниқланди.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги «Н.Й.» МФЙ ҳудудида фаолият юритувчи балиқхонада ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментга кўра, балиқхона томонидан жами 199,4 миллион сўмлик электр энергияси ноқонуний тарзда ишлатиб юборилган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида жойлашган «Й.Ш.» МЧЖ масъул шахслари «Х.» МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг сув насоси ва ёритгичларини, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида эса «Я.Б.» МФЙ ва «А.» ширкати масъул шахслари сув насосни ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига улаган. Оқибатда, ҳар иккала ҳолатда жами 113,7 миллион сўмлик электр энергияси қонунга зид тарзда фойдаланилган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 15 кун ичида 73 миллиард сўмлик электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани ҳақда хабар берилганди. 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: