22:03 | 07.04.23

                       

Самарқандда 19 ёшли аёл ўзини осиб қўйгани бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳакидаги қарор бекор қилинди

Шунингдек, қўшимча текшириш ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш хакида кўрсатма берилган

Самарқанд вилояти Ургут тумани «Терсак» маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган А.С. (аёл) 3 март куни қизлик уйида ўзини осиб қўйиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасига кўра жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳакида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу қарор Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилган ва қўшимча текшириш ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш хакида кўрсатма берилган.

«Қўшимча текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қонуний қарор ҳақида кенг жамоатчиликка эълон қилинади», дейилади хабарда.

Nemolchi.uz лойиҳасига кўра, аёлнинг ўлимига Telegram каналларидан бирида эълон қилинган оддий суратлари ва қиз бу ҳақида отасига маълум қилгач, унинг кўтарган тўполони сабаб бўлиши мумкин.

«Ўша куни аёлимнинг ота уйига бориб, уни олиб кетмоқчи эдим. У олдимга ‘синиқ’ ҳолатда чиқди. Уйга олиб кетай десам, йўқ, отам ичиб олган, мен кетсам, онамни калтаклаши ва ҳатто ўлдириб қўйиши мумкин, деди. Мен уйга кетдим, меҳрибоним эса ўшандан кейин бизни бутунлай тарк этди. Менинг севгилим энди ёнимда йўқ…», — деди марҳуманинг турмуш ўртоғи.

Манбанинг маълум қилишича, қиз болалигидан зўравонлик оддий ҳолат деб қабул қилинган оилада катта бўлган.

Nemolchi.uz Бош прокуратурадан 19 ёшли қизнинг ўз жонига қасд қилгани бўйича ишни қайта кўриб чиқишини сўраган.

«Бундай жиноятларни жазосиз қолдирмаслик, қизлар устидан туҳмат қилаётган каналларни эътиборсиз қолдирмаслик, оиладаги зўравонликларга кўз юммаслик керак! Агар тизим ўзгармаса, Президент томонидан имзоланиши кутилаётган қонун атрофидаги барча сўзлар фақат қоғозда қолиб кетаверади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган вилоят адлия бошқармаси ҳамда Янгиариқ тумани фавқулотда вазиятлар бўлими раҳбарлари Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Олий суд мазкур ҳолатга муносабат билдираркан, тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилгани, ҳозирги кунга қадар Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмагани ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.

29 март куни судланган Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Олий суд эса ушбу протест жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида 2023 йилнинг 6 апрел куни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши қўшимча қилинди.

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко Хоразмда меҳрибонлик уйидаги вояга этмаган қизларнинг амалдорларга сотилгани ҳақидаги иш бўйича тафсилотларни маълум қилганда шошма-шошарликка йўл қўйганини тан олгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: