17:00 | 11.01.24

                       

Самарқандда фуқарони АҚШга жўнатишни ваъда қилиб, тўққиз минг доллар олган шахс аниқланди

У Америкага Туркия, Қатар ва Мексика давлатлари орқали ўтказиб қўйиши эвазига 18 минг доллар талаб қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.С. фуқаро М.А.ни 18 000 АҚШ доллари эвазига Туркия, Қатар ва Мексика давлатлари орқали Америка Қўшма Штатларига ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, шундан 9 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.У. фуқаро А.А.нинг ишончига кириб, унинг ўғли Д.Н.ни Корея давлатига ишга юбориш учун танишлари ёрдамида виза олиб бериши эвазига 2 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 300 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида 24 минг долларга АҚШнинг ишчи визасини ваъда қилган шахс ушланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: