15:54 | 26.03.22

                       

«Санкциялар бу тузумни қулата олмайди. Жабрини оддий эронликлар чекади». 43 йилдан буён санкциялар остида яшаётган Эрон

Bugun.uz колумнисти Жаҳонгир Остонов мақолада ушбу мавзуга тўхталади

Россиянинг 24 февраль куни Украина ҳудудига қўшин киритиши ортидан Ғарб унга нисбатан санкциялар ёмғирини ёғдирди. Нафақат давлат тузилмалари, балки Путинга яқин деб қаралаётган олигархлар ҳам санкциялардан четда қолмади. Мамлакат ичида иқтисодий беқарорлик вужудга кела бошлади, рубль қадри тушиб кетди. Айрим фуқаролар мамлакатни тарк этмоқда. Айтиш мумкинки, Россия санкциялар остида қолган илк давлат эмас. Бугун дунёда АҚШ бошлиқ Ғарб санкциялари остида яшайдиган мамлакатлар бир нечта. Шулардан бири — Эрон.

Хўш, Эрон қачондан санкциялар гирдобига кириб қолди, санкциялар мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига, унинг ташқи сиёсатига қандай таъсир кўрсатмоқда? Мамлакат уларга қарши қандай чораларни қўлламоқда? «Bugun.uz» колумнисти Жаҳонгир Остонов қуйидаги мақолада ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилади.

Санкциялар

Фото: «AFP»

Эронда 1979 йилда инқилоб юз берди ва мамлакат республика деб эълон қилинди. Аммо бу биз ўрганиб қолган республикалар каби эмас, балки диний бошқарувга асосланган республика эди. Мамлакат олий раҳнамоси этиб шиалар етакчиси Оятуллоҳ Ҳумайний танланди. Мамлакат ташқи сиёсатида АҚШ биринчи рақамли душман сифатида кўрилди. Шу йили Теҳрондаги Америка элчихонаси қамалга олинди ва унга қарши Қўшма Штатлар Эронга тегишли бўлган 12 миллиард активларни музлатиб қўйди.

Эронга қарши санкциялар 2000 йилларга келиб анча кўпайди. Бунга сабаб қилиб мамлакат ядро дастурларининг ва уранни бойитишни кўпайтириши келтирилади. Жумладан, 2006 йилдан буён БМТ Эронга қарши тўртта резолюция қабул қилган. Буларнинг барчаси Эронни ядро дастурларидан воз кечишга ундашга қаратилган чекловлар эди. Асосан, Эрон экспорт маҳсулотларига тақиқ ва қурол-яроғ эмбаргосидан иборат санкциялар, кейинчалик нефтга ҳам тааллуқли бўлди. 2015 йилга келиб эса Австрия пойтахти Вена шаҳрида 14 июль куни Эрон ядро дастури бўйича 8 давлат ўртасида келишувга эришилди ва санкциялар бироз юмшатилди. Эрон нефтига қўйилган тақиқ бекор қилинди. Бунга жавобан Эрон ядро дастурини босқичма-босқич бекор қилиши керак эди.

АҚШда президентликка сайланган Дональд Трамп 2018 йилда мамлакатнинг мазкур келишувдан чиққанини эълон қилди ва Эронга қаратилган санкциялар қайтадан жорий қилинишини маълум қилди. Аммо бу сафар Европа Иттифоқи АҚШ билан ҳамфикр бўлмади. Шу тариқа бу борадаги режалар боши берк кўчага кириб қолди.

Эронликларнинг санкцияларга муносабати

Теҳрондаги АҚШ элчихонаси қаршисида долларни ёқаётган эронлик киши
Фото: «AFP»

Эронда бу борада фикрлар икки қутбга ажралган дейиш мумкин. Бунда давлатни қўллайдиганлар ҳам, санкциялар тарафдорлари ҳам бор. Санкция тарафдорлари унинг ортидан мамлакатдаги тузумнинг қулашидан умидвор бўлса, бошқалари санкциялар тузумни қулата олмаслигини, аксинча, оддий аҳоли санкциялар остида эзилишини айтган. Бундай кайфият, айниқса, АҚШнинг янги санкциялари фонида пайдо бўлган.

Эрон шу тариқа иқтисодий ва сиёсий босимларга ҳеч бўлмаганда ҳозирча қарши тура олди. Айрим тармоқларнинг, жумладан, энергетика соҳасининг ривожланиши кўп жиҳатдан чет эл сармояси ва илғор технологияларга боғлиқ. Эрон эса изоляция сабабли улардан ҳозирча маҳрум. Таҳлилчилар Эрон ишсизлик муаммосини ҳал қилиши учун 8–10 фоизли иқтисодий ўсишга эришиши лозимлигини таъкидлайди. Аммо санкциялар остида бу имконсиз.

Иқтисодий инқироз раҳбарларнинг коррупцияси, ёшларнинг ишсизлиги ва қашшоқлик мамлакатни ларзага келтирган йирик норозилик намойишларига сабаб бўлди, хусусан, 2019 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган намойишлар ва уларни бостириш пайтида камида 300 киши ҳалок бўлди.

Амалдаги режимни қўллаб ўтказилган намойиш, 2019 йил
Фото: «AFP»

Санкцияларнинг иқтисодиётга таъсири

АҚШ томонидан қўлланган янги санкциялар 1979 йилги инқилобдан буён энг қаттиқлари экани бир неча бор таъкидланди. Унинг иқтисодиётга ва мамлакат аҳолиси ҳаётига таъсири салмоқли бўлди. 2020 йилги коронавирус пандемияси бу жараённинг анча кескинлашишига олиб келган омиллардан бўлди.

Санкциялар ЯИМ, савдо баланси, маҳсулотлар экспорти, айниқса, нефть экспортига таъсир кўрсатди. Мамлакат пул бирлиги риял рекорд даражада қулади ва 2018 йил ёзи охирида бир АҚШ доллари қора бозорда 250 000 риялга сотила бошлади. Бу кўрсаткич шу йил баҳорда 37 500 ни ташкил қилган эди. Бу эса халқ орасида саросимага сабаб бўлди.

2015 йилги келишувдан кейин мамлакат дўконларини дунёнинг энг машҳур брендлари эгаллаган бўлса, АҚШнинг келишувдан чиқиши ортидан кучайтирилган санкциялар сабаб улар мамлакатни тарк этди. 2016 йил Эронга қўйилган эмбарго олиб ташланиши ортидан йирик саноат гигантлари, Siemens, Volkswagen, Samsung каби фирмалар ҳам кириб келди. Аммо, юқорида таъкидланганидек, бу узоққа чўзилмади. 2018 йил кузидан бошлаб улар бирин-кетин Эронни тарк этишни бошлади.

Фото: «AFP»

Келишувга эришилган йилларда нефть қазиб чиқариш ҳажми ҳам анча оширилди. 2018 йилнинг апрель ойида — АҚШнинг келишувдан чиқишидан олдин кунига 2,5 миллион баррель нефть қазиб олинаётган эди. Санкцияларнинг қайтиши бу соҳада ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Шунингдек, мамлакат денгиз транспорти ҳам эмбарго сабаб катта йўқотишларга учради. Натижада мамлакат кемаларини греклар, мальталиклар ва панамаликларга сотишга мажбур бўлди ва улар орқали юк ташишни ташкил қилди. Ҳатто Ҳиндистон портларидаги кемалар GPS қурилмасини ишлатмасдан юк ташишгача бориб етди.

Венесуэла ва Шимолий Кореяга қўйилган санкцияларга қараганда, Дональд Трампнинг Эронда иқтисодиётни бўғиб қўйишга қаратилган «максимал босим» стратегияси фақат қисман муваффақиятга эришди. Эрон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2019 йилда 6,5 ​​фоизга ва кейинги йили 5 фоизга қисқарганидан сўнг Халқаро валюта жамғармаси инфляция 30 фоиз ва ишсизлик даражаси 12,4 фоиз бўлишига қарамай, 2021 йил учун 3,2 фоиз ўсишни прогноз қилганди. Шу йили ўсиш 3,1 фоизни ташкил қилди. Жаҳон банки ҳам шундай рақамларни кўрсатган. Коронавирус билан боғлиқ вазиятда бу жуда яхши кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. Аммо ҳозирга келиб инфляция 40 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда ва мамлакатда ўрта қатлам йўқолиб кетиш хавфи мавжуд.

Ўзини ўзи таъминлашга ўтиш

Фото: «AFP»

Иқтисодиётнинг бундай барқарорлиги қисман Дональд Трампнинг кутилмаган қароридан кейин собиқ президент Ҳасан Руҳоний ҳукумати томонидан қабул қилинган чоралар билан изоҳланади. Давлат нефть экспортининг пасайишини кутган ҳолда 2018 йил июнь ойидан зудлик билан минглаб истеъмол товарлари, жумладан, озиқ-овқат, кийим-кечак, автомобиллар ва гигиена воситалари импортини тақиқлади. Режим қора бозордаги интервенцион сиёсатга ҳам чек қўйди ва чет эл валюталарининг кўтарилишига йўл қўйди.

Агар бу чора ўрта ва қуйи табақаларнинг ҳамёнини бўшатиб, бозор савдогарларини хонавайрон қилган бўлса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга товарлари қимматлашиб кетган хорижий рақобатчиларга қарши туриш имконини берди. 83 миллионлик истеъмолчи бозоридан фойдаланиб, «Эронда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи ривожланишга муваффақ бўлди. Кичик ва ўрта корхоналар пайдо бўлди, баъзан эса гуллаб-яшнади.

1979 йилги инқилобдан бери чекловчи чоралар иқтисодиётни деярли 80 фоиз ўзини ўзи таъминлашга мажбур қилди. Ҳаттоки истиқболда маҳсулот сифати ҳар доим ҳам қониқарли бўлмаса ҳам. Айниқса, эҳтиёт қисмлар ва баъзи технологиялар етишмаётган автомобиль саноатида бу жуда билинди. Катта қийинчилик — кимётерапия препаратлари ёки компьютерлар каби маҳсулотларнинг етишмаслиги. Аммо, умуман олганда, вазият яхшиланмоқда, дейди маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан бири Кир Разағи «Le Monde» нашрига берган интервьюсида.

Фото: «Isango Web» АҚШ томонидан ўлдирилган энг кучли генераллардан бири Қосим Сулаймоний

Айнан мана шундай иқтисодий бўҳронлар даврида Эрон инқилобининг ғоявий армияси саналган «инқилоб қўриқчилари» мамлакатдаги асосий иқтисодий секторларни эгаллаб олишни бошлади. Айниқса, 2020 йилги иқтисодий тушишдан кейин. Улар телекоммуникация, инфратузилма ва энергия соҳасидаги муҳим лойиҳаларни бошқарувини ўз қўлига олди. Уларнинг мавқейи ультраконсерватор президент Маҳмуд Аҳмади Нажот даврида анча мустаҳкамланган эди. Ҳасан Руҳоний эса уларни солиқ тўлашга мажбур қилиш орқали бироз бўлса-да, уларнинг таъсирини камайтиришга эришди. Аммо Трампнинг «максимал босим» стратегияси унинг ҳаракатларини чиппакка чиқарди. Бугун улар иқтисодиётнинг асосий тармоқларини яна назоратига олган.

Санкциялар ва туризм

Эрон дунёдаги туризм салоҳияти юқори бўлган давлатлардан ва йўналишлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда мавжуд тарихий обидалар бутун дунёдан келаётган сайёҳларнинг диққатини ўзига тортмасдан қолмайди. Эронда мавжуд маданий мерос объектларининг 26 таси UNESCO рўйхатидан ўрин олган бўлса, яна 53 таси номзодлар рўйхатига киритилган. Айтиш мумкинки, туризм Эрон иқтисодининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Хўш, Эронга қарши йўналтирилган санкциялар унинг туризм салоҳиятига қандай таъсир қилди?

Фото: «Adobe Stock» Исфаҳондаги машҳур Нақши Жаҳон масжиди

Рақамларга қарайдиган бўлсак, 1995 йилдан 2020 йилгача бўлган кўрсаткич шуни кўрсатадики, мамлакат санкциялар остида бўлишига қарамасдан, туристлар сони муттасил ошиб борган. Фақатгина коронавирус пандемияси даврига келиб рақамларда тушиш бўлган. Масалан, 1995 йилда 452 минг сайёҳ Эронга ташриф буюрган бўлса, энг юқори кўрсаткич 2019 йилга тўғри келади. Шу йили Эронга 9 миллиондан ошиқ турист ташриф буюрган. 2020 йилда 2 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган. Қуйидаги диаграммада 1995 йилдан 2020 йилгача бўлган давр оралиғида сайёҳлар сонининг динамикасини кўриш мумкин:

Фото: «donneesmondiales.com»

Биз эронлик туризм соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар билан боғландик. Ҳозирда Канадада туристик лойиҳада иштирок этаётган Омид Шокуҳи Эрондаги бугунги туристик вазият ҳақида шундай дейди:

«Бугунги кунда хориж медиаси кўпроқ Эроннинг сиёсий можароларини кўпроқ тилга олади. Исроил билан, АҚШ билан келишмовчиликлар ва ҳоказолар. Масалан, ҳозирда Монреал шаҳридаман ва эронлик эканимни билган одамларнинг тасаввурида дарҳол ядро қуроли, нотинч бир жой, уруш пайдо бўлади. Бундай фикрларни кўп эшитаман. Лекин шуни ҳеч иккиланмасдан айта оламанки, Эронда хавфсизлик Франция, Бельгия каби Европа давлатларидан кўра анча мустаҳкам. Эронни бемалол хавфсиз ҳудуд дея оламан.

Фото: Шахсий архивдан

Мени бир нарса ҳайрон қолдиради. Эрондаги жуда бой маданий ёдгорликлар бўлишига қарамасдан, медиада нуқул Эроннинг негатив тарафлари ёритилади. Улар ижобий жиҳатларни гапиришмайди. 2015 йилги келишувдан кейин 2018 йилгача туристлар сони ўсди. Чунки шу даврда медиада кўплаб пиар кампаниялар амалга оширилди. Айниқса, хориж медиасида. Аммо АҚШнинг келишувдан чиқиши оқибатида яна санкциялар қайтди. Туристлар сони эса пасайди. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси ҳам туристлар сонига таъсир қилди. Аммо Байден маъмуриятининг АҚШда ҳукуматни қўлга олишидан кейин мамлакат келишувга қайтса, туризм соҳасидаги ишлар ҳам ўз йўлига тушиб кетишидан умид қилиб турибмиз.

Эрон ҳукумати ҳам қўлидан келган ишларни амалга оширмоқда. Аммо ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Чунки пандемия кўп нарсани ўзгартириб юборди. Вазиятни кузатишда давом этамиз».

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Эрондаги вазиятнинг изга тушиши АҚШнинг Вена келишувига қайтиши ва санкцияларнинг олиб ташланишига боғлиқ бўлиб турибди. Аммо Эрон яқин келажакда санкцияларни бекор қилиш мақсадида АҚШ билан ядровий келишувга қайтиш бўйича музокаралар ўтказишга тайёрми? Ёки у статус-квони сақлаб қолишни танлайдими? Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: