9:54 | 27.12.23

                       

Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида қатнашди

2023 йилда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларус Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян қатнашди.

Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстликда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилди.

МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди ва деярли барча тармоқларни қамраб олган.

Шавкат Мирзиёев МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари етакчилари билан Санкт-Петербургдаги тарихий обидаларга боргани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: