21:05 | 24.11.23
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган хавф-хатарларга эътибор қаратган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябр куни Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Мирзиёев ўз нутқида СПЕКА дастури доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгани, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегиялари қабул қилинганини таъкидлаган. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ишонч муҳити кучайиб, интеграция чуқурлашаётганини айтиб ўтган.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия ва Венгрия билан саноат кооперацияси ва инфратузилма бўйича йирик дастурларни амалга ошираётгани, қўшма инвестиция компанияларини ташкил этиб, молиялаштириш механизмларини йўлга қўйилганини билдирган.
Шавкат Мирзиёев ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган хавф-хатарларга эътибор қаратиб, минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қатор амалий ташаббусларни илгари сурган.
Ташриф якунлангач, Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда Ўзбекистон Президентини Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйган. Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Илҳом Алиев билан музокара ўтказган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: