12:14 | 25.01.24

                       

Шавкат Мирзиёев Шэнчжэндаги Ўзбекистон-Хитой инвестиция форумида қатнашди

«Ҳар бир хитойлик ҳамкорга лойиҳалар бошидан охиригача ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади», деди Ўзбекистон Президенти.

Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан биргаликда Шэнчжэн шаҳрида ўтаётган қўшма Инвестиция форумида иштирок этди.

Бугунги инвестиция форуми самарали мулоқотнинг давоми бўлиб, икки мамлакат идоралари ва ҳудудлари раҳбарларини, Хитой йирик бизнесининг 600 нафардан зиёд вакилини тўплади. Хитойнинг Миллий нефть-газ корпорацияси, Миллий кимё-инжиниринг компанияси, Аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси, China Energy, Gezhouba Group, China CAMC Engineering, Huawei Technologies, SANY Renewable Energy, BYD Auto Industry, Xinjiang Hualing Group, ZTE, TBEA, Universal Energy компаниялари, Хитой тараққиёт банки, Давлат тараққиёт банки, Экспорт-импорт банки шулар жумласидан.

«Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли ва ўзаро манфаатли муносабатлар, биринчи навбатда, иқтисодий ҳамкорлик алоқаларидан куч олади», дейди Президент.

Ўзбекистон Президенти кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайиб, 2023 йилда рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етганига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари яқин йилларда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдони йўлга қўйиш тўғрисида янги ҳукуматлараро битим тузиш орқали бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш учун имконият борлигини яна бир бор қайд этди.

Хитойнинг Ўзбекистонга киритган умумий инвестициялари ҳажми 14 миллиард доллардан ошди. Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайди.

Шавкат Мирзиёев яқинда Урумчида ўтган ҳудудлараро форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмасида муҳим инвестиция келишувлари имзоланганини юқори баҳолади.

«Яна бир янгилик. Ҳар бир хитойлик ҳамкорга лойиҳалар бошидан охиригача ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади. Улар компанияларингиз лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишида янги имкониятлар яратишига қатъий ишонамиз», деди Президент.

Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин ҳам форум иштирокчиларига мурожаат қилди. Президентимиз олиб бораётган ортга қайтмас ислоҳотлар сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, Ўзбекистонда очилаётган катта имкониятларни қайд этди ҳамда Хитой бизнесини мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда янада фаолроқ иштирок этишга чақирди.

Бизнес форуми якунида энергетика, нефт-газ, тоғ-кон, электротехника, енгил саноат, машинасозлик, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланди. «Йўл харита»си ишлаб чиқилиб, ҳар бир лойиҳага масъул менежерлар бириктирилади.

Якунда Ўзбекистон Президенти ушбу Гуандун инвестиция форумини ҳар йили ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, унинг навбатдаги учрашувини келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: