16:57 | 03.06.21

                       

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев телефон орқали мулоқот қилди

Мулоқотда бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилди

Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Президент ахборот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбатда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Давлат раҳбарлари 2 июнь куни Нур-Султон шаҳрида ўтган икки мамлакат бош вазирлари учрашувининг натижаларини юқори баҳолаган. Савдо ва логистика, саноат кооперацияси соҳаларида, замонавий транспорт коммуникациялари ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, президентлар парламентлараро алмашинув кенгайиб бораётгани ҳамда айни кунларда Тошкент шаҳрида Сенат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилаётганини қайд этган.

Етакчилар Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашган.

Бундан ташқари, бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан ҳам телефон орқали мулоқот қилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирини табриклаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: