10:39 | 23.11.23

                       

Сурхондарёда майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган хонадон аниқланди

Хонадон эгаси давлат ва жамият манфаатларига қанча миқдорда зарар етказгани маълум қилинди.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган хонадон аниқланди, дея хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Билдирилишича, Узун туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Қ фуқаро Ж.У билан ўзаро тил бириктириб, ўз уйида 114 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмасини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, давлат ва жамият манфаатларига 425,7 млн сўм зарар етказгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 31 октябр куни гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказганди. Унда давлат раҳбари Навоий вилоятининг Кармана туманидаги қурилиши якунланмаган бинода 452 та майнинг қурилмаси ўрнатилгани оқибатида ўн ой давомида қарийб 5,5 миллион киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланилгани танқид остига олган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: