10:15 | 29.04.24

                       

Сурхондарёда бедарак йўқолган эркакнинг жасади топилди

Сурхондарёда бедарак йўқолган эркакнинг жасади топилди. У бегона уйнинг оғилхонасида ўлдирилиб, кўмиб қўйилган.

Сурхондарё вилоят ИИБ ахборот хизмати бедарак йўқолган эркакни топишда ёрдамлашганларга 10 млн сўм берилиши ҳақида хабар берган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, эркак қотиллик аломатлари билан молхонадан топилган.

Қайд этилишича, 26 апрель куни Денов тумани «Нурли Манзил» махалласида жойлашган яшаш уйнинг (гумонланувчига тегишли) оғилхонаси (молхона) ичида кўмилган ҳолда бедарак йўқолган 1986 йилда туғилган эркакнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Қўшимча маълумотларга кўра, қотил марҳумни кўмиб, устидан цемент ва қумни аралаштириб бетон қуйган.

Жиноятни фош этиш максадида прокуратура ҳамда ички ишлар органларининг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тузилган тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўрилган зарур чоралари натижасида гумонланаётган шахс қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж»,«и» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаркатлари олиб борилиб, содир этилган ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Денов тумани «Даҳана» маҳалласида яшовчи 38 ёшли Урунов Хусин Ракибович 2024 йил 16 апрель куни яшаш манзилидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: