15:22 | 28.01.24

                       

Сурхондарёда икки кишига бўрилар ҳужум қилиб еб кетгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

«Шалқон», «Вандоб», «Кампиртепа» қишлоқларининг тоғларида яшовчи ёввойи ҳайвонлар «Сурхон» давлат қўриқхонаси томонидан муҳофазага олингани қайд этилди.

Ижтимоий тармоқларда Шеробод туманида жойлашган «Шалқон» қишлоғидаги ялангликларда икки нафар фуқарога тоғдан тушиб келган оч бўрилар ҳужум қилиб еб кетганлиги ҳақида хабар тарқалди. Ушбу хабар бўйича Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълумот берди.

Билдирилишича, тармоқларга тарқалган ва аҳолида ваҳима уйғотган ушбу воқеа аслида Россиянинг Волгаград вилоятида содир бўлган.

Хабарда қайд этилган «Шалқон», «Вандоб», «Кампиртепа» қишлоқларининг тоғларида яшовчи ёввойи ҳайвонлар Экология вазирлиги тасарруфидаги «Сурхон» давлат қўриқхонаси томонидан доимий муҳофазага олинган. Маълумот ўрнида қишнинг қаҳратон совуқ кунларида қўриқхонада мунтазам равишда ёввойи ҳайвонлар учун биотехник тадбирлар амалга оширилиб, ёввойи ҳайвонлар учровчи жойларга озуқабоп емлар ҳамда ҳашаклар қўйиб чиқилади.

Шунингдек, хабарда илова қилинган расмлар ҳам ушбу ҳолат Сурхондарё вилоятида содир бўлмаганлигини кўрсатади Сабаби мурожаатда белгиланган ҳудудларда жорий йил ҳисобидан қор тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Сурхон» давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқонларга бўрилар муҳрлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: