11:41 | 14.12.22
Ушбу қўриқхонада жами 95 та бўри мавжуд
Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги «Сурхон» давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқонларга бўрилар муҳрланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Маълумот учун, бўри итсимонлар оиласига мансуб йиртқич сут эмизувчи ҳайвон ҳисобланади. Ташқи муҳитга кучли, чидамли ва чаққон, ҳид билиш ва эшитиш органлари яхши ривожланган бўрилар Ўзбекистоннинг чўл, даштлари, ўрмон, тўқай, тоғ ва тоғ этакларида кенг тарқалган.
Мутахассисларнинг фикрича, бўриларда кўриш қобилияти ҳам жуда юқори бўлиб, тунда ҳам ҳар қандай шарпани илғаган ҳолда бемалол ов қила олади.
«Сурхон» давлат қўриқхонасида бўрилар ҳам муҳофазага олинган. Охирги саноқ натижаларига кўра, ушбу қўриқхона ҳудудида бўриларнинг сони 95 тани ташкил этган.
Аввалроқ Бухородаги қўриқхонада ўрнатилган фотоқопқонга ноёб турдаги отлар тушиб қолгани, «Қизилқум» қўриқхонасида йўқ бўлиб кетаётган Ўрта Осиё қундузи тасвирга олингани тўғрисида хабар берилганди.