15:52 | 23.01.24

                       

Сурхондарёда МЧЖни қасддан банкротликка олиб келиш ҳолати аниқланди

Ҳолат бўйича солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ва қасддан банкротликка олиб келиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда «П.Т» МЧЖ раҳбари А.Т. ва бошқалар МЧЖнинг 841,8 млн сўм дебиторлик қарздорлиги мавжуд бўлсада, МЧЖни тўловга қобилиятсиз деб топиш ва тугатишга доир иш юритиш жараёнида ушбу маълумотларни яшириб, Термиз туманлараро Иқтисодий судининг тугатиш тўғрисидаги ажримига асосан 369,9 млн сўм солиқ қарзини ҳисобдан чиқариб, солиқ ва бошқа мажбурий йиғимларни тўлашдан бўйин товлаб, МЧЖни қасддан тўловга қобилиятсизлигига (банкротликка) олиб келганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 181-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 2,1 млрд сўмлик кредит ва субсидия пулларини ўзлаштирган МЧЖ аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: