22:15 | 31.01.24

                       

Сурхондарёда тўрт ёшли боласини уриб, қўпол муносабатда бўлган эркак судга берилди

Ўғлини ҳар куни дўконга олиб бориб, ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўраганлиги учун қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган.

Сурхондарё вилоятида вояга етмаган фарзандини урган ва қўпол муносабатда бўлган эркакнинг иши судга топширилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълум қилинишича, ҳолат Термиз шаҳрида содир бўлган. Шаҳарнинг «Темирйўлчи» маҳалласида яшовчи 42 ёшли эркак 2024 йилнинг 28 январ куни яшаш уйида тўрт ёшли ўғлини ҳар куни дўконга олиб боришини ва турли хил ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўраганлиги учун қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, енгил тан жароҳати етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 59-2 моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ва тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.

Аввалроқ, Сурхондарёда эркак фарзандини уриб, шафқатсиз муносабатда бўлгани ҳақда хабар берилганди.