14:07 | 23.01.24

                       

Ташанов Даулетмурат Тажимуратов ва блогер Отабек Сатторий билан учрашди

Қаршидаги колония бошлиғи апрел охири, майнинг бошларида Сатторий озодликка чиқарилишини билдирган. Шунингдек, «Эзгулик» жамияти фаоли Навоийда Даулетмурат Тажимуратов билан учрашган.

Ички ишлар вазирлиги ЖИЭД расмийлари жазо муддатларини ўтаётган Даулетмурат Тажимуратов ҳамда блогер Отабек Сатторий билан учрашувларга имконият яратиб берди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизмати.

Жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов шу йилнинг 12 январ куни Навоийда Даулетмурат Тажимуратов, 13 январда эса Қаршида блогер Отабек Сатторий билан учрашган. Ташановга кўра, икки маҳкумнинг ҳам соғлиғи билан боғлиқ ҳолатдан эътирози йўқ. Улар ўзларига нисбатан чиқарилган суд ҳукмларидан норози эканини, келгусида ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришмоқчилигини бидиришган.

«Даулетмурат Тажимуратов аввалига ўзини бироз асабий тутди. 25 декабрда уни жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузганликда айблашибди. Мен унга буни ҳуқуқий йўл билан баратараф қилинг, ахир сиз ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгансиз, судга беринг, дедим. Кўнди. Сўнг ўзига хат ва бандеролларнинг кечикиб келаётганидан, ўзининг хатлари ташқарига чиқиши қийин бўлаётганидан шикоят қилди», дейди Ташанов.

Ташановга кўра, Тажимуратов ўзига нисбатан адвокатлари томонидан илгари сурилаётган қийноқ иддаоларини изоҳларкан, ўзининг дастлабки терговлар даврида сочининг мажбурий олиниши жараёнида ходимларга фаол қаршилик кўрсатгани, ўз навбатида ходимлар ҳам у билан зиддиятга бориб, жисмоний куч ишлатганини таъкидлаган. Бошқа аниқ қийноқ ҳолатлари бўйича гапирмаган.

Возможно, это изображение 6 человек

Тажимуратов колония раҳбарларини билан муносабатлари яхши эканини айтган. Аммо қонунчиликда маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар қаттиқ тартибли колонияларда ҳам, умумий тартибдагисида ҳам, узоқ муддатга қамалган ва енгилроқ жазолиларга ҳам бир хил эканини қайд этган. Ташанов Тажимуратовнинг «Нега менга ўқишга китоблар олиб келмадингиз?» деб гапирганини ҳам айтиб ўтган.

Қаршидаги манзил колонияда блогер Отабек Сатторий билан учрашув ўтказилган. Колония бошлиғи апрел охири, майнинг бошларида у озодликка чиқарилишини билдирган. Айни пайтда Сатторий тикув цехида ишламоқда.

У ўзига чиқарилган суд ҳукми бўйича қайта шикоят қилиш нияти йўқлигини, тинчгина ахборот технологиялари соҳасида ишламоқчилигини билдирган. Аксинча, Ташанов уни жазо муддати битгач, ўзини оқлашга уринишга чақирган.

«Хуллас, икки маҳкумда икки хил кайфият. Бири бироз асабий ва некбинлик ҳиссидан узоқ, иккинчиси аллақачон ҳаётий мақсадлари, келажаги ҳақида хулосага келиб бўлган», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Отабек Сатторий қамоқдан манзил-колонияга кўчирилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: