13:18 | 29.12.23

                       

Telegram каналларида экстремистик ғояларни тарғиб қилган шахс 7 йилга озодликдан маҳрум этилди – видео

Қашқадарёда яшовчи 21 ёшли фуқаро Сурияга бориб, «жиҳод» қилмоқчи бўлган.

Telegram’да 11 та канал очиб, экстремистик мазмундаги ғояларни тарғиб қилиш билан шуғулланган Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 21 ёшли фуқарога 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, у 2018-2023 йиллар давомида доимий яшаш манзилида бўлиши ҳамда 2022 йилнинг июл-ноябр ойларида Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида мавсумий ишлаши давомида ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг «ҳижрат» ва «жиҳод»га чорловчи аудио-видео маърузаларини тинглаб, томоша қилган.

Ҳатто унда Сурияга бориб, «жиҳод» қилиш истаги пайдо бўлган ва айни шу мақсадда ижтимоий тармоқлар орқали ўзгалардан керакли маслаҳатларни олган. Бу орада фарзандининг ножўя ҳаракатларидан хабар топган ота-онасининг огоҳлантиришларига қарамасдан, у ўз мақсадидан қайтмаган ва пинҳона тарзда ишини давом эттирган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилиб, унинг Сурия давлатига кетишининг олди олинди ҳамда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди томонидан ўтказилган суд жараёнларида гувоҳлар ва далилий ашёлар асосида, унинг ноқонуний ҳаракатлари ўз исботини топган.

Суд ҳукмига кўра, мазкур шахс Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Россия Федерациясида экстремистик фаолият билан шуғулланган Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи шахс қўлга олинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: