9:42 | 29.11.21

                       

Тожикистондаги норозилик намойиши тугагани маълум қилинди

Фуқаронинг ўлими оқибатида бошланган акция 3 кун давом этди

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Хоруғ шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойиши тугагани маълум қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «360tv.ru»

Мамлакатнинг хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш бўйича идоралараро штаби матбуот марказининг хабар беришича, шаҳарда жамоат тартиби тўлиқ тикланган. 25 ноябрь куни тушдан кейин Хоруғда баъзи манфаатдор гуруҳлар томонидан бошланган ноқонуний митинг 3 кундан сўнг — 28 ноябрь оқшомида якунланган.

Маълум қилинишича, прокуратура органлари юзага келган низони текширади, шунингдек, мавжуд муаммоларни фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда ҳал қилади. Айни пайтда Хоруғ шаҳри марказида жамоат транспорти йўлга қўйилган, савдо шохобчалари жадвал асосида ишламоқда.

Маълумот ўрнида, норозилик акцияси 25 ноябрь куни маҳаллий фуқаро Гулбиддин Зиёбековнинг милиция томонидан ҳибсга олиниши вақтидаги ўлими муносабати билан бошланган. Намойишчилар вакиллари билан музокара ўтказишга уринишлар дастлаб натижа бермаган.

Маълумотларга кўра, 26 ноябрга ўтар кечаси намойишчилар беш нафар ҳуқуқ-тартибот ходимини яралаган ва уларнинг хизмат қуролларини олиб қўйган. «Pamir Daily news» ахборот агентлиги хабарига қараганда, Хоруғдаги намойишчилар, хусусан, Гулбиддин Зиёбеков ўлими ва тинч аҳолига қарата ўқ узилиши бўйича ишни имкон қадар тезроқ кўриб чиқиш, ҳудуддаги ҳарбийларнинг 60–70 фоизини олиб чиқиб кетишни талаб қилган. Шунингдек, назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлаш сўралган.

Таъкидланишича, Зиёбеков уюшган жиноий гуруҳнинг уч шериги билан 2020 йилнинг февраль ойида Роштқалъа вилояти прокурори ёрдамчиси Абдусалом Абирзодни гаровга олиб, уни саккиз соат давомида калтаклаган ва қийноққа солган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Зиёбеков ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар расмий қидирувда бўлган. 25 ноябрь куни қўлга олиш чоғида Зиёбеков ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатиб, ўзи ноқонуний олиб юрган тўппончадан ўқ узган. У жавоб отишмасидан яраланган, кейинчалик шифохонада вафот этган.

Аввалроқ Тожикистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жарима миқдори оширилганди. Шунингдек, Тожикистон бир масалада Россиядан ёрдам сўраганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: