18:27 | 02.08.22

                       

Тожикистонда электр энергияси истеъмоли тарихий рекордни янгилади

Расмий суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини очиқлади

Тожикистонда июль ойи охирида иссиқ ҳаво туфайли электр энергияси истеъмоли рекорд даражага ошди. Бу ҳақда «ASIA-Plus» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумот «Барки тожик» компанияси раҳбари Маҳмадумар Асозода томонидан берилган. У 2022 йилнинг 26 июлида республикада бир суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш 72,1 миллион киловатт-соатдан ортиқни ташкил қилганини айтган.

«Бундай юқори кўрсаткич республикада илгари қайд этилмаган», — деган расмий.

Аномал ҳавода электр энергияси истеъмоли энг кўп энергия сарфлайдиган ускуналар қаторига кирувчи кондиционерлардан фойдаланиш ҳисобига ортади. Асозоданинг сўзларига кўра, унгача максимал суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш охирги уч йилда 70 миллион киловатт-соатдан сал кўпроқни ташкил қилган.

У мамлакатдаги асосий сув омбори – Нурекни тўлдириш учун электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳеч қандай муаммо йўқлиги, сувнинг маълум қисми Нурек ГЕСи турбиналари орқали ўтишини айтган. Расмий республикадаги мавжуд қувватлар бўйича электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг максимал суткалик қувватига аниқлик киритмаган ва бунга эҳтиёж йўқлиги сабабли бундай ҳисоб-китоб ўтказилмаганини айтган.

Унинг таъкидлашича, Нурек сув омборининг номинал тўлғазиш даражасига эришиш учун бор-йўғи 1,56 метр қолган. Маълумот ўрниа, Нурек сув омборининг номинал тўлдириш даражаси денгиз сатҳидан 910,69 метр баландликда.

Аввалроқ Қирғизистон ҳар куни Ўзбекистонга қанча электр энергияси етказиб бераётгани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистон электр энергияси сотиб олиш бўйича Тожикистоннинг асосий харидоридан бирига айланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: