11:42 | 24.02.23
Кўл тўғони ўпирилса, фавқулодда ҳолат нафақат Тожикистон ҳамда Ўзбекистонни, балки Қирғизистон ва Туркманистон ҳудудларини ҳам қамраб олади
«Сарез кўлида кузатув ва эрта огоҳлантириш тизими меъёрида ишламоқда. Ўзгарувчанлик ва ўзгаришлар қайд этилмаган. Кўлга сув келиши ва унинг оқими ўзгаришсиз қолган», деди Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот маркази раҳбари Умида Юсуфий.
Унинг сўзларига кўра, зилзилалар эпицентри тоғли ҳудудларда ва Мурғоб вилояти маркази билан Сарез кўли оралиғидаги чўл, одам яшамайдиган ҳудудда кузатилган.
Маълумот учун, Тожикистонда 23 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 05:37 да магнитудаси 6,8 баллик зилзила қайд қилинган. Шундан сўнг, 1 соат 20 дақиқа ичида магнитудаси 4,5–5 балл бўлган 5 та зилзила кузатилган. Соат 11:50 да 4,5 балл магнитудали яна бир зилзила содир бўлган, соат 13:01 да 4,7 баллик силкиниш такрорланган. Зилзилалар эпицентри тоғли ҳудудларда ва Мурғоб вилояти маркази билан Сарез кўли оралиғидаги чўл, одам яшамайдиган ҳудудда содир бўлган. Зилзила кучи Ўзбекистонда ҳам сезилган.
Тожикистонда содир бўлган зилзила Марказий Осиё «бомба»си деб айтиладиган Сарез кўлига жуда яқин ҳудудда кузатилгани, мазкур сув ҳавзасига зарар келтириш хавфини оширди. Зилзила сув ҳавзасига зарар келтириши, ўз навбатида, бутун Марказий Осиё региони учун фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Айни пайтда кўлнинг табиий тўғони хавфли саналади ва унда ёриқлар пайдо бўлгани ҳақидаги иддаолар ҳам бор. Тўғри, Сарез кўли ҳосил бўлганидан сўнг ҳозиргидан кучли зилзилаларнинг кўпи ва ундан кучлиларига ‘гувоҳ’ бўлган», – деб ёзади ўзбекистонлик мутахассис Эркин Абдулаҳатов.
Шунингдек, Эркин Абдулаҳатов Сарез кўли тўғонидаги эҳтимолий фалокат Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларига зарар етказиши мумкинлиги акс этган харитани эълон қилган.
Сарез кўли Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида денгиз сатҳидан 3255 метр баландликда жойлашган. Кўл 1911 йилда Помир тоғларида рўй берган кучли зилзиладан сўнг тоғнинг улкан девори қулаб, дарё ўзани тўсиб қўйилгани ва шу жойда сув тўпланиши натижасида ҳосил бўлган. Кўлнинг узунлиги 70 километр, максимал ўлчанган чуқурлиги тахминан 500 метр. Сув ҳажми 17 куб километрдан ошиқ.
Тўғоннинг ўпирилиши юз берган тақдирда 3 километрдан ортиқ тепаликдан баландлиги 150 метргача бўлган сел оқими келади. Сув баландлиги 15 метргача (уч қаватли уй баландлигига тенг) бўлиши мумкин.
Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Рустам Назарзода 2021 йилнинг февралида Осиё тараққиёт банки ажратган 750 минг долларлик грант эвазига Сарез кўлида янги мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизими ишга туширилишини маълум қилганди. Ҳозирда тўғонда кечаю кундуз ишлайдиган кузатув пости мавжуд, операторлар сув белгилари ва бошқа параметрларни доимий равишда кузатиб бормоқда.
Ўзбекистонда 2021 йил майда Сарез кўли дамбасининг ёрилиши оқибатида сув тошқини хавфи юзага келганда аҳолини шартли эвакуация қилиш бўйича ўқув машқлари ўтказилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: