11:59 | 15.09.22

                       

Тошкент аэропорти атрофидаги ноқонуний таксичилар провакация уюштираётгани айтилди

Бунга аэропорт ўз такси хизматини ишга туширгани сабаб бўлмоқда

Тошкент халқаро аэропорти ўзининг «Taxi Airport Tashkent» такси хизмати йўлга қўйилганидан сўнг ноқонуний такси ҳайдовчилари бир қанча провокациялар уюштирди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Uzbekistan Airports»

Қайд этилишича, охирги уч кунда «бомбил»лар томонидан бир нечта провакация уюштирилган. 12 сентябрь куни такси ҳайдовчиларидан бири аэропорти ҳудудига киритмагани учун қоровулни урган. 14 сентябрь куни эса такси ҳайдовчилари аэропорт раҳбариятидан ўзларига бепул тўхташ жойи ташкил қилишни ёки фаолиятини давом эттиришлари учун аэропорт олди майдонга киритишларини талаб қилиб, расмий такси хизмати автомобилларининг терминалига киришини тўсиб қўйган. Аэропорт ходимлари бу масалада қатъий бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига қўнғироқ қилган, такси ҳайдовчиларига нисбатан чора қўллаш ва аэропорт кўчасида жамоат тартибини таъминлаш бўйича ариза ёзишган.

«Аэропортларда такси ҳайдовчилари билан боғлиқ муаммо дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд. Ўта қиммат нархлар, қўпол ҳайдовчилар, эски ва аксарияти, қоидага кўра, аэропортда тақиқланган газда юрадиган машиналар. Улар йўловчилар қўлларидан тутиб олиб, алдаб, ўзларини одобсиз тутадиган ‘бомбил’лардир.

Биз бундай машиналарнинг тўғридан-тўғри учиб келиш терминали зинапоясигача ҳаракатланишига рухсат бера олмаймиз. Бу нафақат мамлакатнинг салбий имиджи, балки йўловчилар хавфсизлигига таҳдид ҳамдир. Муаммонинг ягона ечими — расмий такси хизматига ўтиш — бу жаҳон амалиёти», — дейди «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Компания раҳбарининг таъкидлашича, аэропортдаги расмий такси шаҳардаги такси каби бўлмаслигини тушуниш керак, чунки у ҳеч бўлмаганда бензинда ишлайди, юқори хизмат кўрсатади ва фақат аэропортга хизмат қилади.

Аэропортнинг расмий такси хизматлари «E-auksion.uz» платформасида очиқ савдолар орқали танлаб олинган ва техник топшириқда кўрсатилган барча талабларга жавоб берадиган «Bobur Diyor» компанияси томонидан амалга оширилади.

Янги «Taxi Airport Tashkent» бренди остидаги автомобиллар фақат бензинда ҳаракатланади, юкхоналари кенг ва бевосита келиш терминалининг чиқиш жойида туради. Агар йўловчи расмий такси хизматидан фойдаланишни истамаса, бошқа таксини йўлга ёки биринчи 10 дақиқаси бепул бўлган тўхташ жойига чақириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 30 майдаги қарори билан «Тошкент-2» халқаро терминали ва ички қатновлар учун мўлжалланган «Тошкент-3» терминалининг автотураргоҳлари, шунингдек, пойтахт аэропорти ҳудудига туташ жойлардаги автотураргоҳлар «Uzbekistan Airports» балансига ўтказилиши маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: