22:17 | 16.02.24

                       

Тошкент ва Варшава ўртасида авиақатновлар 13 мартдан бошланади

LOT Polish Airlines авиакомпанияси Варшава–Тошкент–Варшава ҳаво қатнови март ойи ўртасидан амалга оширади. 2024 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи польшалик сайёҳлар сони 25 мингга етказилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида 13 март санасидан бошлаб LOT Polish Airlines авиакомпанияси томонидан йўлга қўйилаётган Варшава–Тошкент–Варшава ҳаво қатновига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди.

Фото: «Дунё»

Унда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Польшанинг LOT Polish Airlines авиакомпанияси раҳбарияти, «Rainbow», «Itaka», «Margot travel», «Mice Expert» ва «Logostour» каби етакчи туроператорлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги тарихий дўстлик алоқалари, ўтган йили юртимизга ташриф буюрган польшалик сайёҳлар сони 8 мингтани ташкил этгани ва ушбу кўрсаткични 2024 йилда 25 мингга етказиш режалаштирилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, анжуманда Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказишди. Унда давлатимиз раҳбарияти бошчилигида юртимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.

LOT Polish Airlines компанияси Сотув департаменти директори Марта Вишневска ўз нутқида, Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан юртимиз туризмига бўлган қизиқиш юқори эканлигини ва Ўзбекистоннинг бой тарихи кўплаб сайёҳлар каби унда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. У очилажак ҳаво қатновлари Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини янада ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Польшанинг LOT Polish Airlines авиакомпанияси 2023 йил 21 март куни Тошкентга биринчи парвозини амалга оширганди. Тошкент халқаро аэропортида Варшава—Тошкент—Варшава йўналиши бўйича илк рейс экипаж аъзолари ва йўловчилар кутиб олинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: