14:03 | 22.01.24

                       

Тошкент вилоятида 60 ёшли бемор «Тез ёрдам»дан уйига олиб бориб қўйишини сўради

Шунингдек, у аввалроқ «Тез ёрдам» чақириб, улардан йўл-йўлакай нон олиб келишларини ҳам сўраган.

Ижтимоий тармоқларда «Тез ёрдам» ходимлари кекса фуқаро билан жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, воқеа 2023 йилнинг 19 декабрида Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани «Ўзбекистон мустақиллигининг 5 йиллиги» маҳалласида содир бўлган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, фуқаро 1964 йилда туғилган Т.Ш. тез ёрдамга мурожаат қилиб, ўзи яшайдиган уй манзилини берган. Аммо фельдшер келганида унинг уйида ҳеч ким бўлмаган. Фельдшер унга қўнғироқ қилганида Т.Ш. бошқа кўча манзилини бериб, ўзи ўша кўчанинг бошида турганини айтган.

Тез ёрдам ходимлари у турган жойга етиб борган ва фелдшер М.Т. беморга кўчанинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатишини билдирганида, у норози бўлиб, «Мен кўчага тўғри келаманми?» дея қаршилик кўрсатишни бошлаган ва тез ёрдам ходимларидан уни уйига олиб боришларини талаб қилган. М.Т. эса тез ёрдам машинаси такси эмаслигини тушунтириб, буни рад қилган. Шу орада улар тахминан 15 дақиқалар давомида жанжаллашиб турган. Шундан сўнг, воқеа жойига келиб қолган Адлия бошқармаси ходимлари беморни у ердан кетишга кўндирган ва уйига олиб борган.

Фелдшернинг сўзларига кўра, бундай воқеалар тез-тез такрорланиб туради. Т.Ш.нинг ўзи бир неча бор шу каби асоссиз чақирувлар билан тез ёрдамга мурожаат қилган. Унинг соғлиғида жиддий муаммо бўлмаса ҳам тез ёрдамни овора қилиш ҳолатлари кузатилган.

«Ичиб олса ҳам, биров билан жанжаллашиб қолса ҳам тез ёрдам чақираверади», дейди Bugun.uz мухбири билан суҳбатлашган фельдшер. Унинг сўзларига кўра, ўша куни ҳам у спиртли ичимлик таъсирида бўлган.

Фельдшерга кўра, бошқа бир ҳамкасби навбатчиликда бўлган пайтда Т.Ш. тез ёрдамга қўнғироқ қилиб, уйига чақирган. Бироздан сўнг яна бир марта улар билан боғланиб, келишларида нон олиб келишларини сўраган. Тез ёрдам ходимлари норози қилмаслик мақсадида унинг талабини бажариб, нон олиб борган.

Фельдшернинг айтишича, Т.Ш.ни ҳеч қандай сурункали касаллик безовта қилмайди. У ўзининг биринчи гуруҳ ногирони эканини ва кўзи яхши кўрмаслигини даъво қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Тез ёрдам»га энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятидан келиб тушгани маълум қилинганди. ССВ ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмаётганини билдирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: