10:47 | 20.12.23

                       

Тошкент вилоятидаги боғчада 4 ёшли қизга жинсий тегажоғлик бўлгани айтилмоқда

Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Тошкент вилояти Келес шаҳрида яшовчи шахс унинг 2019 йилда туғилган қиз фарзандига нисбатан болалар боғчасида жинсий тегажоғлик содир этилгани ҳақида мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Мурожаат Бош прокуратура билан ўрганилиши натижасида Келес шаҳридаги хусусий боғчада бўлган болага нисбатан жинсий тегажоғлик қилингани юзасидан шу йилнинг 15 декабрида ЖКнинг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент тумани ИИБ ТБ дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Бундан ташқари, Тошкент тумани Келес йўли кўчасида З.Б. ўзи яшаб келаётган уйида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб, тегишли равишда рухсатнома олмасдан, ҳеч қандай лицензиясиз болалар боғчаси ташкил этгани аниқланган. Бу ерда санитария қоидалари жиддий равишда бузилгани ва боғчада ишлаган икки ходим тиббий кўрикдан ўтмагани ҳам маълум бўлган.

Жиноят ишининг тергови давомида фуқаро З.Б.нинг лицензия олмасдан мактабгача таълим муассасаси очиб фаолият кўрсатганига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти Китоб туманида 14 ёшли қиз 7 ой давомида жинсий қулликда сақлаб турилгани хабар қилинганди. Шунингдек, уни қулликда сақлаб тургани айтилган аёлга Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: