18:40 | 14.01.24

                       

Тошкентда 22 ёшли йигит тенгдошининг тўрт миллион сўм пулини фирибгарлик билан ўзлаштирди

У кучайтирилган PUBG аккаунтини сотишини айтиб, пул маблағларини ўтказиб олган ва Telegramʼдаги ёзишмаларни ўчириб юборган.

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи 22 ёшли йигит ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан тўрт миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган, деб хабар бермоқда Киберхавфсизлик маркази.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшовчи 22 ёшли Х.У. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, Х.У., Қ.А. билан Telegram’да танишиб, кучайтирилган PUBG аккаунтини сотиши ҳақида айтиб уни алдаб, ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига 4 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.У.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда 17,3 млн сўмга PUBG аккаунтини сотиб олган йигит чув тушгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: