17:15 | 09.01.24

                       

Тошкентдаги «Арзон Дорихона»нинг лицензияси бекор қилинди

Фуқаро мурожаати асосида олиб борилган текширувда дорихонада 25 та мувофиқлик сертификати бўлмаган дори воситалари аниқланган.

Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси мутахассислари фуқаро мурожаати асосида «Арзон Дорихона» МЧЖга тегишли дорихонада текширув ўтказиб, 25 турдаги дори воситаси тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат рўйхатидан ўтмагани ҳамда ушбу дори воситаларининг мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслигини аниқланади.

Маълум қилинишича, бошқарма томонидан Тошкент шаҳар Учтепа тумани Фозилтепа кўчаси 26Б-уй манзилида жойлашган «Арзон Дорихона»нинг тегишли дорихонасида текширув олиб борилган.

Ҳолат бўйича «Арзон Дорихона» МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти учун 2020 йил 9 сентябр куни берилган 1010-сонли лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган. Шунингдек, «Арзон Дорихона» МЧЖга берилган лицензия бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона ва Бухорода дорихона сотувчилари томонидан психотроп моддалар сотилгани аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: