15:20 | 17.01.24

                       

Тошкентда экологик вазият ёмонлашаётгани бўйича пойтахт ҳокимлиги муносабат билдирди

Ҳавонинг ифлосланиши, йўллардаги тирбандликлар бўйича пойтахт миқёсида қилинадиган амалий чоралар ҳақида тақдимот тайёрланаётгани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахтдаги вазиятни яхшилаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Ушбу режа сўнги кунларда ижтимоий тармоқларда пойтахтда экологик вазият ёмонлашаётгани, ҳаво ифлосланиши, йўлларда тирбандликлар кўпайиб бораётгани фонида яратилмоқда.

Бунда энг аввало экологик барқарорликни таъминлаш, ҳавога чиқаётган маиший чиқиндиларни камайтириш, жамоат транспорти тизимини ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан яхшилаш, йўлларда устуворликни машиналарга эмас, энг аввало пиёдаларга, ундан сўнг жамоат транспортига беришга қаратилган инфратузилмани яратиш ва шу каби бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

«Экологик ҳолатни яхшилаш ва аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида айрим кескин қарорларни қабул қилиш талаб этилади. Шу сабабли мазкур қарорлар келгусида салбий оқибатларни келтириб чиқармаслиги учун илмий тадқиқотлар ҳамда таҳлилларга асосланган бўлиши зарур», дейилади хабарда.

Айни кунларда шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ҳар бир йўналиш бўйича, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ишчи гуруҳнинг таҳлилий хулосалари асосида пойтахт миқёсида қилинадиган амалий чоралар ҳақида тақдимот тайёрланмоқда. Тез орада ушбу тақдимот кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология вазирлиги Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича маълумот берганди. Вазирлик ифлосланишга бетартиб қурилиш ишлари, яшил ҳудудлар камайиши, автотранспорт воситалари сони ортиши, тирбандлик, мазут ёқилғиларидан фойдаланишнинг кўпайиши ва бошқа табиий омиллар сабаб бўлаётганини билдирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: