12:37 | 04.12.23

                       

Тошкентда кейинги йил 200 та янги электробус ҳаракати йўлга қўйилади

Бу орқали зарарли моддалар миқдорини йиллик 4,6 минг тоннагача камайишига эришиш мумкин.

Тошкент жамоат транспорти босқичма-босқич тўлиқ “яшил транспорт” тизимига ўтказилади, жумладан 2024 йилда 200 дона электробус фаолияти йўлга қўйилади, деб хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси автобус саройи филиалларида 2 017 дона ҳаракат таркиби мавжуд бўлиб, шундан 672 донаси дизел ёқилғисида (33%), 1 020 донаси табиий газ ёқилғисида (50%), 324 донаси электр энергиясида (17%) ҳаракатланади.

2022-2023 йилларда сотиб олинган автобусларнинг 58,7 фоизи сиқилган табиий газда, 21,4 фоизи электр энергиясида ҳаракатланади. Натижада, ҳаракат таркибининг ўзидан чиқарадиган зарарли моддалар миқдори 2022 йилда 5,1 минг тоннани, 2023 йилда 4,8 минг тоннани ташкил этилишига эришилган.

2024-2030 йилларда қўшимча 1 200 дона электробус харид қилиш ва автобусларни табиий газ ёқилғисига ўтказиш кўзда тутилган. 2024 йилда ҳаракат таркибини 200 дона электробус билан янгилаш орқали зарарли моддалар миқдорини йиллик 4,6 минг тоннагача камайишига эришиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда электробус билан автобус ўртасида тўқнашув содир бўлиб, ҳодиса сабабли хизмат текшируви тайинланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: